АсосийJamiyat

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги делегациясининг Жанубий Кореяга ташрифи якунланди

'Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги делегациясининг Жанубий Кореяга ташрифи якунланди'ning rasmi

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Жанубий Кореяга тўрт кунлик ташрифининг асосий мақсади Жанубий Кореянинг саратон касаллигини даволашга ихтисослашган шифохоналарни қуриш бўйича тажриба ва технологияларини ўрганиш, ушбу мамлакатнинг саратонни даволаш соҳасидаги етакчи тиббиёт муассасалари билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳукуматлараро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини аниқлашдан иборат бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазири А.Ҳожибоев амалий ташриф давомида ҳамкасби - Корея Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Квон Док Чол билан музокаралар ўтказди. Ушбу учрашув натижалари томонларнинг амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга бўлган қизиқишини, шунингдек, Жанубий Кореянинг Ўзбекистонга соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришда фаол ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёрлигини кўрсатди.

Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, мамлакатнинг саратонни даволаш соҳасидаги етакчи тиббиёт муассасалари – Корея Республикаси миллий саратон маркази, Сеул миллий университетининг Бунданг шифохонаси, «Чхоннам» давлат университети ҳузуридаги Хвасун шифохонасига ташриф буюрди, «Осонг» тиббий инновацион жамғармасида «Osong Bio-Valley» фармацевтика кластери фаолиятини ўрганди.

Икки томонлама амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Чхоннам» давлат университети қошидаги тиббиёт маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Бундан ташқари, Жанубий Кореядаги етакчи лойиҳалаш ва қурилиш ташкилотлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиб, улар билан ихтисослаштирилган саратон шифохоналари ва марказларини қуриш масалалари муҳокама қилинди.

Делегация аъзолари Жанубий Корея фармацевтика компаниялари вакиллари билан Ўзбекистонда саратон касаллигини даволаш учун зарур дориларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятини ҳам ўрганди.  

    Бошқа янгиликлар