Куни кеча, 7 июн куни тахминан эрталаб соат 09:00 дан 10:20 ларга қадар “Қарши минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасига қарашли Aйратом темир йўл бекати ҳудудида Чироқчи туман “Aйратом” қишлоғи фуқаролари темир йўл устига йиғилганлиги акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. "Ўзбекистон темир йуллари" ҳолат юзасидан расмий муносабат берди?
Аниқланишича, аҳолининг темир йўл бекатига йиғилишининг асосий сабаби қишлоқ аҳли туман ҳокими Хуррам Жўраевдан қишлоқда электр энергияси таъминоти қониқарсиз бўлганлиги учун қишлоқни электр энергияси билан таъминлаш, яъни қишлоққа келадиган электр энергиясини бошқа кучлироқ “Трансформатор”га улашни сўраган. 7 июн куни соат 9:00 ларда туман ҳокимининг қишлоққа ташрифи кутилган.
Туман ҳокими белгиланган вақтда “Aйратом” қишлоғига электр энергияси масаласини ҳал қилиш учун келмаганлиги сабабли аҳоли темир йўл атрофига йиғилган.
Тошкент – Қарши йўналиши бўйича ҳаракатланувчи “Aфросиёб” тезюрар поезди график бўйича ушбу бекатдан соат 10:48 да ўтиб кетиши белгиланган.
Поезд келишидан тахминан 28 минут олдин Чироқчи туман ҳокими Х.Жўраев ўзи келиб темир йўл атрофида йиғилган қишлоқ аҳолисини “Aйратом” қишлоғи Маҳалла фуқаролар йиғинига олиб кетди ва уларнинг муаммолари атрофлича ўрганилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди.
“Aфросиёб” тезюрар поезди график бўйича ушбу бекатдан соат 10:48 да ўтиб кетган. Поезд тўхтамаган ва ҳеч қандай зарар ёки талофат бўлмаган.