Бугун, 9 июнь куни тахминан соат 04:35 ларда Самарқанд шаҳар М.Бедил кўчасида жойлашган “Ишон Стандарт” МЧЖ АСГҚШда фуқаро М.У. бошқарувидаги 2002 йилда ишлаб чиқарилган “Nexia” русумли автоуловда ўрнатилган сиқилган газ баллоннинг ёрилиши билан боғлиқ портлаш содир бўлган. Бу ҳақда Самарқанди вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Портлаш натижасида автомобиль ва шахобчанинг газ тақсимлаш айвонининг тунукали шифт қисми зарарланган.
Ушбу ҳодиса оқибатида ёнғин содир бўлмаган ва тан жарохати олганлар йўқ, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда машиналарга ўрнатилган газ баллонларининг портлаш ҳолати кўп кузатилмоқда. Хусусан, 1 июнь куни Қашқадарёдан Тошкентга кетаётган “Ласетти” Сирдарёда портлаб кетиб, икки киши ҳалок бўлган. 22 май куни Фарғонадаги газ қўйиш шаҳобчасида "Ваз-2101" автомобилининг газ баллони портлаган. 22 май куни Чироқчида Нексияга ўрнатилган газ баллони портлаб, 2 фуқаро воқеа жойида вафот этган.






