АсосийJamiyat

Ўзбекистонда давлат хизматчилари мол-мулкини декларация қилиш тартиби ишлаб чиқилмоқда

'Ўзбекистонда давлат хизматчилари мол-мулкини декларация қилиш тартиби ишлаб чиқилмоқда'ning rasmi

Жорий йилнинг 9 июнь куни коррупцияга оид қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ҳалқаро ва миллий экспертлар ўртасида муҳокамадан ўтказиш ҳамда халқаро стандартларга мослигини аниқлаш мақсадида маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Бу ҳақда Даракчи.уз мухбири хабар бермоқда. 

Маълумки, сўнгги 5 йил давомида давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган 70 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Масалан,  2017 йилда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан тасдиқланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурлари доирасида “Давлат харидлари тўғрисида”ги, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши билан коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди.

Анжуманда “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида”ги, “Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулки ва манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларимуҳокама қилинди. 

Мазкур қонун лойиҳалари 2020 йил 29 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.

“Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантирувчи махсус ваколатли идоранинг асосий фаолият йўналишларини белгиловчи ҳужжат бўлиб, унда: 

  • Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг мақоми ҳамда фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва асосий принциплари;
  • Агентликнинг давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат сектор вакиллари ва фуқаролар билан ҳамкорлиги;

Шунингдек, Агентликнинг давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш ва манфаатлар тўқнашувини ҳал қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини таъминлаш, давлат харидлари ва бюджет маблағларидан фойдаланиш, халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатларнинг кредитлари, давлат активларини сотиш жараёнида коррупцияга қарши назорат тизимини жорий этиш ва унинг самарадорлигини таҳлил қилиш бўйича вазифалари, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар юзасидан маъмурий суриштирув ўтказиш тартиби белгилаб берилмоқда.

“Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулкини декларация қилиш ва манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун лойиҳасида қуйидаги масалалар тартибга солиниши белгиланмоқда:

  • давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш ҳамда манфаатлар тўқнашуви соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг умумий қоидалари;
  • давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулки тўғрисида декларацияларни тақдим этиш ва уларни эълон қилиш тартиби;
  • давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш 
    ва уларни ҳал қилишнинг механизмлари;
  • давлат хизматчисининг вазифаларини бажариш вақтидаги тақиқлар;
  • совғалар олиш ва бериш билан боғлиқ чекловлар.

Қонун лойиҳалари маҳаллий экспертлар билан бир қаторда, халқаро ташкилотлар, хусусан, Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки ва “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти экспертларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари асосида ишлаб чиқилган.

Бошқа янгиликлар