Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда институт директори Низомиддин Маҳмудов ушбу илмий жамоанинг фаолияти, амалга оширилаётган тадқиқотлар, нашр этилаётган рисолалар, олимлар томонидан амалга оширилаётган маърифий лойиҳалар хусусида маълумот берди.
Шунингдек, у сўнгги йилларда мамлакатимизда жамиятда ўзбек тилининг нуфузини ошириш, обрў-эътиборини мустаҳкамлаш борасида қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатлари ва уларнинг ижроси борасида институт томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам гапирди.
Маданияти ўзаро муштарак бўлган халқларни доим бир-бирининг халқ ижодиёти қизиқтириб келган. Шу сабаб суҳбат давомида профессор М.Жўраевнинг институт фольклор бўлимида амалга оширилаётган ишлар, хусусун, “Ўзбек халқ озаки ижоди ёдгорликлари”нинг 100 жилдлиги тайёрланаётганлиги ҳақидаги маълумотлар барчани бирдек севинтирди.
Институт илмий ходимлари, айниқса, ёш олимлар орасида халқаро миқёсда ўтказилиб келинаётган турли хил илмий конференцияларда иштирок этаётган, амалиёт учун чет элга бораётган ва халқаро мукофотларни қўлга киритаётганлар сафи кенгаймоқда. Шундай олимлардан бири Ғ.Исмоилов ҳам Туркия томонидан ташкил этилган қурултойда иштирок этгани ва бу илмий сафари давомида Анқара университети тилшунос олимлари билан ҳамкорлик бўйича қилган суҳбатдан катта таассуротлар билан қайтгани ҳақида сўзлади. Шунингдек, олим келажакда Туркия давлати олимлари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича ўз таклифларини берди.
Туркия давлати билан адабий алоқалар яхши йўлга қўйилгани таъкидланди. Институтг директори ўринбосари М.Отажонова Туркия давлати билан адабий алоқалар борасида амалга оширилаётган ишлар ҳакида маълумот берар экан, бунда олимлар, айниқса, докторантларнинг академик алмашинувини йўлга қўйиш муҳим эканлигини таъкидлади.
Туркия давлати элчиси билдирилган таклиф ва мулоҳазалар борасида ўз фикрларини баён этар экан, Туркия-Ўзбекистон олимлари орасида илмий алоқалар жуда яхши йўлга қўйилгани, бу соҳа равнақи учун муҳимлиги, бироқ бу муносабатларни расмий, юқори даражада ҳам амалга ошириш лозимлиги қайд этилди. Илмий ташкилотлар орасида меморандум (шартнома)лар асосида ҳамкорлик истиқболларини аниқ белгилаб олиш ва изчил амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.
Самимий кечган суҳбатда Туркия элчиси томонидан институт кутубхонасига 10 жилдли "Büyük Türkçe Sözlük" луғати тақдим этилди. Институт томонидан ҳам тил, адабиёт ва фольклор йўналишида чоп этилган илмий рисолалар, китоблар элчи жанобларига совға қилинди.
Манба: ЎзА






