106- ва 184-сонли автобус йўналишлари ҳаракати узайтирилади ҳамда 183-сонли йўналишдаги автобуслар сони кўпайтирилади. Бу ҳақда "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ Ахборот хизмати хабар берди.
Келтирилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 мартдаги "Тошкент шаҳар йўловчи транспорти тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 157-сонли қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳамда aҳолидан келиб тушган мурожаатларни инобатга олган ҳолда, шунингдек, йўналишлар тармоғини тартибга солиш ва мақбуллаштириш мақсадида, 2021 йил 14 июндан бошлаб:
- 106-сонли “Хўжа маҳалласи - Саодат савдо маркази” автобус йўналишининг ҳаракати “Хўжа маҳалласи” сўнгги бекатидан Ўқитувчи, Миллий боғ кўчалари орқали “Учхоз маҳалласи” ҳудудигача узайтирилади ва йўналишдаги автобуслар сони 10 тадан 11 тага (+1) кўпайтирилади;
- 184-сонли “Бинокор қўрғони - Сергели 4-даҳаси” автобус йўналишининг ҳаракати Қипчоқ кўчаси, Файзли маҳалласи, ТҲАЙ, Қумариқ кўчаси орқали “Маҳаллий аэропорт-3” сўнгги бекатигача узайтирилади. Келгусида йўналишдаги жадваллар сони йўловчилар оқими шаклланишига кўра кўпайтирилади.
- 183-сонли "Бинокор қўрғони - Қўйлиқ деҳқон бозори" йўналишидаги автобуслар сони 4 тадан 5 тага (+1) кўпайтирилади.