Фарғона вилояти Риштон туманида 3 йилдан бери алимент пулини тўламаган аёл жаримага тортилди. Бу ҳақда «Қонун ва ижро» хабар берди.
Маълум қилтнишича, З.И. исмли аёл 2018 йил 1 февралдаги суд буйруғига асосан, уч нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлаши белгиланган. Мажбурий ижро бюроси томонидан қарздор она З.И. бир неча маротаба огоҳлантиришларга қарамай, 2019 йил ноябрь ойидан 2021 йил апрель ойига қадар жами 21 миллион 564 минг 72 сўм алимент пулини тўламай келган.
Қайд этилишича, аёлга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33-моддаси қўлланилиб, маъмурий қамоқ жазоси ўрнига енгилроқ жазо тайинланган. Яъни қарздорга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида — 1 миллион 225 минг сўм жарима жазоси тайинланган.