Андижон вилояти Избоскан туманида ўғлининг фермер хўжалигидаги 10 сотих ерни сотмоқчи бўлган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Давлат хавфсиздик хизматининг Избоскан тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро И.Қ. фуқаро Ш.га ўғли раҳбарлигидаги «Б» фермер хўжалигига тегишли 0,10 гектар пахта экин майдонини 6000 доллар эвазига сотаётгани аниқланган.
Таъкидланишича, эркак ерни келгусида кадастр тизимида ишловчи танишлари орқали турар жой қуриш учун ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, 5000 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.






