АсосийJamiyat

Зарафшон дарёсида қуриладиган иккита ГЭС бўйича қўшимча маълумотлар очиқланди

'Зарафшон дарёсида қуриладиган иккита ГЭС бўйича қўшимча маълумотлар очиқланди'ning rasmi

Бугун бўлиб ўтган брифингда Президент матбуот котиби Шерзод Асадовга журналист Зафар Қосимов қуйидаги савол билан юзланди:

Тожикистон ва Ўзбекистон ҳамкорликда ГЭС қурилиши ҳақида айтиб ўтдингиз. Умуман, Тожикистон ҳудуди гидроэнергетика жиҳатидан катта салоҳиятга эга. Ушбу мамлакатда гидроэнергетика соҳасида ҳамкорлик истиқболлари қандай?

Бунга жавобан:

"Ўтган беш йил давомида икки давлат ўртасидаги бошқа соҳалар қатори гидроэнергетика соҳасида ҳам ҳамкорлик сифат нуқтаи-назаридан ижобий томонга ўзгарди. Тожикистон худудидаги Зарафшон дарёсида ГЭС қуриш масаласини ўрганишга икки мамлакат раҳбарлари 2018 йилда топшириқ берган эдилар. Президентимизнинг Тожикистонга бу галги ташрифи доирасида аниқ бир ҳужжат - Зарафшон дарёсида иккита ГЭС қуриш лойиҳаси бўйича қўшма акциядорлик жамияти ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди. Жамиятга юклатиладиган вазифа мазкур лойиҳани амалга ошириш учун тегишли барча ўрганишлар ўтказиш ҳамда лойиҳани техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишдан иборат бўлади. Ҳозирча бу иншоотлар қурилишининг сметаси ҳақида гапиришга эрта, аввал техник ва иқтисодий асослар ўрганиб чиқилиб, кейин бир тўхтамга келиш мумкин. ГЭСлар қурилиши натижасида 1 миллиард 400 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади. Ўзбекистоннинг ўз эҳтиёжлари учун Тожикистондан қўшимча электр энергиясини етказиб бериш имкониятлари янада кенгаяди, ўз навбатида, Тожикистонда ҳам электр таъминоти яхшиланади. Тожикистонга қилинган ташриф давомида ҳар икки давлат раҳбарлари томонидан битимнинг ижросига ўша кундан эътиборан киришиш лозимлиги ҳақида тегишли вазирликларга жиддий топшириқ берилган", деди Шерзод Асадов.

    Бошқа янгиликлар