Самарқанд вилоятида 14 июль куни иссиқ сув қувури «Nexia-3» устига қулади. Бу ҳақда «Zamon» информацион дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, 14 июль куни диаметри 273 сантиметр бўлган иссиқ сув қувури «Nexia-3» машинаси устига қулаб тушиб, машинанинг устки қисмини пачоқ қилган. Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Негматовнинг таъкидлашича, «Nexia-3» автомобили ҳайдовчиси машинасини йўлнинг ўртасида қолдирган. Бунинг оқибатида қувур машина устига қулаган.
Шунингдек, иссиқлик тармоқлари 41 йилдан бери алмаштирилмагани таъкидланган. Шу билан бирга, Президент қарорига асосан, ушбу ҳудудга Жаҳон банки томонидан 30 миллион доллар маблағ ажратилиши режалаштирилган. Маблағ асосида ҳудуддаги иссиқлик таъминотини алмаштириш бўйича лойиҳа ҳужжатлари тайёрланган.






