АсосийJamiyat

«Қадринг баланд бўлсин, она тилим» республика танлови эълон қилинди

'«Қадринг баланд бўлсин, она тилим» республика танлови эълон қилинди'ning rasmi

Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини янада ошириш, уни миллий қадрият сифатида тарғиб қилиш ҳамда давлат тилига оид муаммоларни ҳал этишда илмий-амалий ёндашувни ривожлантириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб, “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” республика танлови эълон қилинди.

Танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти, Республика Маънавият ва маърифат маркази ва Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкиллаштирилмоқда.

Танлов учта йўналишда ўтказилади.

Биринчи  йўналишда –  “Давлат тили устуворлиги таъминланган энг намунали ҳудуд” маҳаллий ижро этувчи туман ва шаҳар ҳокимликлари иштирок этади.

Иккинчи йўналишда – “Давлат тилида иш юритиш йўлга қўйилган энг яхши тизим” вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари орасидан аниқланади.

Учинчи йўналишда – “Ўзбек тилини ривожлантиришга қаратилган энг яхши илмий-амалий лойиҳа” илмий ташкилотлар, олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари қатнашади.

Танлов жорий йилнинг 10 июнидан 10 сентябрига қадар бўлган муддат оралиғида ўтказилади ва ғолиблар 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни арафасида эълон қилинади.

Танлов ғолиблари қимматбаҳо совринлар билан тақдирланади.

Шунингдек, уларнинг давлат тилини ривожлантириш борасидаги ташаббуслари республика миқёсида оммалаштирилади. Танлов ҳақидаги батафсил маълумот билан www.til.gov.uz сайтида танишиш мумкин. 

Тилимизнинг тақдирига бефарқ бўлманг ва “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” республика танловини ижтимоий тармоқларда #qadribalandonatilim калитсўзи билан оммалаштиринг.

    Бошқа янгиликлар