Интернет тармоғида вояга етмаганлар ҳужумидан жабрланган аёлнинг мурожаати бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан чора кўрилмаётгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИБ маълумот берди.
Хабарга кўра, ички ишлар органлари ходимларининг фаолиятсизликлари тўғрисидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ.
13 июнь куни соат 9.14 да Миробод тумани ИИО ФМБ 2-сон ички ишлар бўлимига 49 ёшли Наргиза Н.дан мурожаат келиб тушган. Мурожаатчининг сўзларига кўра, ўша куни соат 08.00 атрофида у Миробод бозори ёнидан ўтиб кетаётганида 5-6 нафар вояга етмаганлар муштлашаётганларини кўриб қолиб, уларни ажратмоқчи бўлган. Болалар эса унинг кийимига зарар етказиб сумкасини олиб қўймоқчи бўлган.
Мазкур ариза қабул қилиниб, ҳозирги вақтда тергов олди текшируви олиб борилмоқда. Миробод тумани ИИО ФМБ 2-сон ички ишлар бўлими профилактика инспекторлари капитан Р. Низахунов ва катта лейтенант А. Юлдашбековлар тунги вақтдаги патруллаш давомида ўн нафар қаровсиз вояга етмаган болаларни кўриб қолишди. Уларнинг шахслари аниқланиб, юқоридаги ҳодисаларга алоқадорликлари текширилмоқда.
Маълум шахслар томонидан бу каби ҳуқуқбузарликлар мунтазам равишда содир этилиши тўғрисидаги маълумот ҳозирга қадар аниқланмади. Фуқароларни миш-мишларга асосланган таҳминлардан ўзларини тийишларини сўраймиз.
Ҳурматли фуқаролар! Ижтимоий тармоқ ва мессенджерларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятсизликлари тўғрисида хато фикрларни кўриб қолиш мумкин. Кўпинча бу фикрларга аризачиларнинг тергов олди текширувлари ва ички ишлар органлари фаолияти ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаганликлари сабаб бўлмоқда. Жабрланувчи томоннинг сабрсизлигини тушуниш мумкин, аммо олиб борилаётган ишлар натижасини кутишингизни сўраймиз.






