Тошкент давлат стоматология институтига Жанубий Қозоғистон тиббиёт академияси делегацияси ташриф буюрди. Бу ҳақда Тошкент давлат стоматология институти ахборот хизмати маълум қилди.
Ушбу ташрифдан мақсад ҳамкорликни янада ривожлантириш, институтда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан амалиётда танишишдир.
Мулоқот мобайнида Соғлиқни сақлашда кадрларни тайёрлаш, инновацион ва илғор тажриба алмашиниш, шунингдек, илмий-тадқиқот масалалари муҳокама қилинди. Учрашувда Жанубий Қозоғистон тиббиёт академиясининг биринчи проректори, профессор М.Эциркепов раҳбарлигидаги делегация томонидан стоматология ва фармация йўналишидаги ўқув-услубий ишларни такомиллаштириш, илмий ва клиник ишлар, магистратура ва докторантура фаолиятига боғлиқ масалалар муҳокама этилди.
Ўзаро ҳамкорликни келгусида ҳам давом эттириш, алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга келишиб олинди.






