Бугун президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган Андижон фаоллари йиғилишида избосканлик Умида Усмонова унвон олиш шарафига ҳамда фоизсиз кредит олиш имкониятига эга бўлди.
“Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқуловнинг маълум қилишича, бунинг сабаби Умидахон Усмонова ўз хонадонида етарли шароит йўқлигига қарамасдан, ҳаттоки уйининг меҳмонхонасида ҳам парранда боқиб, аҳолига тарқатиб келмоқда. Бугунгача у аҳолига 23 минг бош хонаки товуқ тарқатиб, маҳалладаги камбағаллик билан курашишга хизмат қилган.
Тадбиркор аёлнинг “Урганжи” маҳалласида қилган ишлари учун Микрокредитбанк томонидан унга 5 миллиард сўм миқдорида фоизсиз кредит ажратилади.
“Яна бир алоҳида совғамиз бор – ҳозир сизларнинг кўз олдингизда Умидахон синглимга “Меҳнат шуҳрати” ордени топшираман”, - деди президент. Шунингдек, давлат раҳбари Умида Усмоновани бошқа тадбиркорларга ўрнак қилиб кўрсатди.






