Юртимизда коронавирус пандемиясининг илк кунлариданоқ вазият мураккаблашган шароитда жамоатчиликнинг касаллик билан боғлиқ саволларига ўз вақтида жавоб бериш, тиббий йўл-йўриқ кўрсатиш тизими йўлга қўйилган эди.
Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2020 йилнинг 15 март куни 1003 ягона қисқа рақамли Call-марказ ишга туширилганди. Фуқароларимиз ушбу рақамга қўнғироқ қилиб, коронавирус инфекцияси билан боғлиқ барча саволларга малакали мутахассислардан аниқ ва асосли жавоб олишмоқда.
Call-марказ ҳозирда ҳам туну кун фаолият кўрсатмоқда, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати. Касаллик авжига чиққан вақтда унда 200 нафардан ортиқ профессор ўқитувчилар, шифокорлар уч сменада узлуксиз фуқароларнинг мурожаатларига жавоб берган бўлса, ҳозирда 15 нафар мутахассис уч сменада қўнғироқларни қабул қилмоқда.
Уларнинг орасида тиббиёт фанлари номзод ва докторлари, малакали мутахассислар бўлиб, фуқаролардан тушган саволларга тиббий асосланган жавоблар ва тавсиялар беришмоқда.
Маълумот учун, Call-марказга жорий йилнинг май ойида кунига ўртача 300 нафар фуқаро қўнғироқ қилган.
Айни пайтда Call-марказга бир кунда ўртача 200-400 нафар фуқаро мурожаат қилмоқда. Баъзида эса бу кўрсаткич 400 дан ҳам ошмоқда. Охирги 10 кун ичида (12-21 июнь кунлари) эса марказга 2962 нафар фуқаро қўнғироқ қилган.
Энг кўп берилаётган саволларга эътибор берадиган бўлсак, пандемиянинг биринчи кунлари аҳоли коронавирус инфекцияси, унинг юқиш йўллари ва белгилари, профилактика қоидаларини билиш учун мурожаат қилган эди.
Ҳозирда эса аҳолининг хабардорлиги анча ошганлиги боис саволлар мазмуни анча ўзгарган. Яъни бугунги кунда вируснинг қайси штаммлари юртимизда қайд этилган, улар клиникаси бўйича бир-биридан қандай фарқ қилади, болаларда уларнинг белгилари қандай намоён бўлмоқда, бир марта касалланган киши яна қайта вирусни юқтириши мумкинми каби қатор саволлар берилмоқда.
Шу билан бирга, коронавирусга қарши эмлаш билан боғлиқ саволлар ҳам долзарб бўлиб турибди. Бунда аҳолини коронавирусга қарши эмланиш тўғрими, вакциналарнинг қандай акс таъсирлари бор, қайси вакцинани қабул қилган маъқул, бошқа давлатга бориш учун эмланиш шартми, вакцинани қаердан олса бўлади, ўзимизни қандай ҳимоялашимиз мумкин каби қатор саволлар қизиқтирмоқда.
Шунингдек, аксарият мурожаатчилар Тошкент шаҳар ва вилоятлардаги COVID-19 билан оғриган беморларни қабул қилаётган шифохоналарнинг манзили ва телефон рақамларини ҳам сўрашмоқда.






