Иштихон ҳокимлиги матбуот хизмати ходимини ҳақорат қилган икки йигитга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Иштихон деҳқон бозорида 14 июнь куни «My5» телеканали «Марказий студия» кўрсатуви ходимлари ва Иштихон туман ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Илҳом Бобоев бозордаги ҳолатни ўрганиш вақтида 29 ёшли Н.О. ва 33 ёшли М.У. журналистлар билан бўлган ҳолатни ҳамда ўртадаги вазиятни англамаган ҳолда И.Бобоевга нисбатан ноўрин ҳаракатлар содир этган. Шунингдек, улар ҳокимлик ходимини ҳақорат қилиб, хизмат фаолиятига тўғридан-тўғри аралашган.

Ушбу ҳолат юзасидан суд ўтказилиб, Н.О. ва М.У. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик (Майда безорилик)ни содир этган деб топилиб, 15 сутка қамоқ жазоси тайинланган. Ушбу фуқароларни қамоқда сақлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар учун ҳар бир кунга энг кам иш ҳақининг 15 фоиз миқдорида давлат даромадига пул ундирилиши белгиланган.

Қайд этилишича, ушбу кунги ҳолатда одамларни тўплаш ҳамда ҳокимият вакилларига нисбатан қаршилик кўрсатишда тарғибот ишларини амалга оширишда фаол бўлган фуқаролар бўйича суриштирув ишлари олиб оширилмоқда.






