Бу ҳақда АОКАда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Қайд этилишича, Агентлик томонидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, Тошкент вилояти ҳокимлиги фаолиятида 111 та коррупцион хатарлар аниқланди. Шундан 96 таси (86 фоиз) юқори, 14 таси (13 фоиз) ўрта ва 1 таси паст даражадаги коррупцион хатарлардир.
Бу каби ҳолатлар қурилиш соҳасида давлат буюртмасини танлов асосида жойлаштириш ва унинг бажарилишини назорат қилиш функцияси, ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ерларни танлаш, ажратиш ва хусусийлаштириш, инвестиция лойиҳаларини мувофиқлаштириш ва мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиш, давлат мулкини хусусийлаштириш, экспорт дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда кадрлар заҳирасини шакллантириш, кадрларни танлаш ва ишга жойлаштиришда кузатилмоқда.






