1

Тошкентда фуқарога оғир тан жароҳати етказган йигитга ҳукм ўқилди

ЖИНОЯТ 23.06.2021, 14:45
Тошкентда фуқарога оғир тан жароҳати етказган йигитга ҳукм ўқилди

Шу кунларда жамиятимизда содир бўлаётган баъзи бир воқеаларни кўриб, одамларимиз кундан-кунга бағритош бўлиб бораётгандек тасаввур уйғонади. Деярли кунора эшитаётганимиз­-бировга тан жароҳати етказиш, ўлдириб қўйиш билан боғлиқ воқеаларга аксарият ҳолларда ўзини бошқара олмаслик сабаб бўляпти. Ақли-ҳуши жойида, соппа-соғ фуқароларимиз томонидан бошқаларни жазолаш, тан жароҳати етказиш ҳолатлари тез-тез содир бўляптики, бу ҳаммамиз учун жуда ачинарли ҳолдир... 

Воқеа жойидан яширинди

Судланувчи Асилбек Каримов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманида жойлашган мактабгача таълим муассасаларидан бирининг ёнида жабрланувчи Самадов Акмалнинг дўстлари билан ўзаро оғзаки жанжаллашиб турганликларини кўради. Уларни тинчлантирмоқчи бўлганида, Самадов Акмал билан ўзаро тортишиб қолишади. Унга қасддан оғир тан жароҳати етказиш мақсадида, ёнидаги совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган “пакки” пичоқ билан Самадов Акмалнинг орқа томон - чап кўкрак соҳасига бир неча марта уриб, тан жароҳати етказади ва воқеа жойидан яширинади. Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Асилбек Каримов томонидан Акмал Самадовнинг ҳаётига хавф солувчи оғир тан жароҳати етказилган.

“Кучим етмаслигини англаб, пичоқ санчдим...”

Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Асилбек Каримов айбига тўлиқ иқрор бўлиб, дастлабки тергов даврида берган кўрсатмаларини тўлиқ тасдиқлаб, қуйидагиларни маълум қилди:

— Тунги вақтда дўстларим билан гаплашиб ўтириш учун чойхоналардан бирининг олдига йиғилдик. Курткамнинг чўнтагига ўзимга тегишли, очилиб-ёпилувчи “пакки” пичоқни солиб олгандим. У ерда дўстларим Абдулазиз, Жавоҳир, Алижон ва Абдуқодир бор эди. Улар билан бирпас гаплашиб туриб, “хот-дог” сотиладиган дўкон атрофини бир айланиб келдим. Бироздан кейин “хот-дог” дўконида ишловчи Самадов Акмалнинг дўстларим билан бирга кетаётганлигини кўрдим. Нима бўлаётганини тушунмай, уларнинг орқасидан боғчанинг ёнига бордим. Самадов Акмал дўстларимнинг олдига борганида бирдан бақир-чақир кўтарилди. Буни кўриб, уларнинг олдига югуриб бордим. Акмал дўстларим билан уришиб кетганини кўриб, ажратмоқчи бўлдим. Шу пайт Акмал мени орқа томонимдан ушлаб, “бросок” усулида ерга йиқитиб, устимдан босди. Акмалнинг бақувватлигини, унга кучим етмаслигини англаб, устимдан турғизиб юбориш учун чўнтагимдаги “пакки” пичоқни олдим. Унинг тугмасини босиб, тиғни чиқардим ва Акмалнинг орқасига кетма-кет уч марта санчдим. Аслида уни ўлдириш ниятим йўқ эди, устимдан турғизиш учунгина пичоқ урдим. Ўша ерда бўлган ўртоқларим бизни ажратишди. Улар Акмални етаклаб олиб кетишди. Мен пичоқни чўнтагимга солиб, йўлнинг нариги томонига ўтдим. Ўша ерда жойлашган уч қаватли бинонинг олдига борганда пичоқни чўнтагимдан чиқариб, ирғитиб юбордим. Катта йўлга қайтиб чиқиб, йўловчи такси ушлаб, Яккасарой туманида яшовчи додамнинг уйига йўл олдим. Бироздан кейин ИИБ ходимлари келиб, мени қўлга олишди. Уларга пичоқни қаерга ташлаганимни кўрсатдим. Ҳозирда қилган ишимдан жуда пушаймонман. Жабрланувчидан кечирим сўрайман, бундай ҳолат бошқа такрорланмайди. Жазо тайинлашда енгиллик беришингизни сўрайман.

Ҳукм ўқилди

Асилбек Каримов ЖКнинг 104-моддаси 2-қисмининг “е” банди билан оқланди. ЖКнинг 104-моддаси 2-қисмининг “л” бандлари билан айбдор, деб топилди. Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Абдулла Абдулхаев, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди раиси в.б., 

Лола Шоимова, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1