Аввал хабар берганимиздек айни пайтда Бухоро шаҳрида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик халқаро форуми бўлиб ўтмоқда. Куннинг биринчи ярмида форумнинг дастлабки икки сессияси ўтказилди. Даракчи.уз мухбирининг хабар беришича, ўтказилган давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбаева глобал муаммо бўлмиш орол масаласига тўхталиб ўтди.
"Глобал миқёсдаги Орол масаласига доир ташаббус ва чақириқларимиз дунё ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланиб, 2018 йилда Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилгани, ўтган йили БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси билан Оролбўйи минтақаси экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилинганидан хабардорсиз.
Мазкур ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди. Денгизнинг қуриган қисмида миллионлаб гектар яшил майдонлар барпо этилмоқда. Айни пайтда Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш бўйича БМТ резолюциянинг мақсад ва вазифалари билан ҳамоҳанг истиқболли инновацион лойиҳалар ва тадбирларни қамраб олган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, Орол масаласига доир ташаббусларимизни қўллаб-қувватлаб, овоз берган мамлакатларга миннатдорлик изҳор қиламиз ва барчани бу борада амалий ҳамкорликка чорлаб қоламиз"–деди Сенат Раиси.
Эслатиб ўтамиз, мазкур халқаро форум куннинг иккинчи ярми ва эртага давом этади.