Бир неча кунлардан бери ижтимоий тармоқларда юридик техникумлар талабалари, уларнинг яқинлари томонидан билдирилаётган эътирозлар жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлаётган эди. Ҳолат юзасидан Адлия вазирлигининг Матбуот котиби таҳлилий тушунтириш берди.
Хабарга кўра, Адлия вазирлиги вакили ҳамда ТДЮУ раҳбарияти томонидан АОКА анжуманлар залида очиқ мулоқот бўлиб ўтган. Савол берадиганларга ҳеч бир тўсиқ қўйилмади. Жараён Узрепорт телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди. Тушунтирилди, бироқ муҳокамалар ҳалигача давом этмоқда.
Тўғри, тартиб ўзгарган, аниқроғи 2018 йилги тартиб бўйича белгиланган чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича ўтказиладиган суҳбатнинг ўрнига инсон омилини камайтириш, шу орқали таниш-билишчиликнинг олдини олиш мақсадида битирувчининг чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиши белгилаб қўйилган. Бу 2020 йилнинг октябрь ойида юз берган эди.
Эски тартиб бўйича ҳам юридик техникум талабалари ТДЮУга кириш учун йўлланма олишлари ва ТДЮУда суҳбатдан ўтиши (чет тилини билиш даражаси камида B1 даражада бўлиши шарт эканлиги) олдиндан маълум эди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 июлдаги 573-сон қарори билан тасдиқланган низомда белгиланган.
Шу билан бирга, низомга ўзгартиришлар 2020 йил 30 октябрда киритилган. Техникум талабаларида камида 8 ой муддат бор эди. Агар талаба инглиз тилини B1 даражада билса, унда IELTSдан 5.5 даражадаги сертификат қўлга киритиш муаммо бўлмайди, деб ўйлаймиз.
Шу вазиятдаги талабанинг важларини тушуниш ва унга тушунтириш мумкин, лекин буни баъзи юрист/блогерларнинг ўзлари тушунишни истамаяпти.
Юридик техникум талабаларининг иш билан таъминланиши масаласига тўхталсак, бу жараён мурожаатда айтилганидек "кўзбўямачиликдан иборат бўлган Меҳнат ярмаркалари" орқали имкон қадар ҳал этиб келинмоқда.
2019/2020 ўқув йилида юридик техникумларини 4 364 нафар талаба битирган. Шундан, 1 542 нафар (35,3%) битирувчининг бандлиги таъминланган. Ишга жойлашиш бўйича энг юқори кўрсаткич Самарқанд вилояти юридик техникумида қайд этилган (575 нафар битирувчидан 498 нафари ёки техникумнинг 86,6% битирувчиси иш билан таъминланган).
P/S: Қарорларнинг қанчалик мўрт эканлигини биладиган даражада эксперт бўлиш учун энг камида қарорнинг олдинги таҳририни топиш ва уни таҳлил қила олиш қобилиятига эга бўлиш керак...






