Бу ҳақда бугун, 23 июнь куни Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Миллий матбуот марказида журналистлар ва блогерлар учун ташкил этилган матбуот анжуманида қайд этилди.
Тадбирда уюшма раиси Ўзбекистонда журналистларга яратилаётган имкониятлар ва эътибор ўзининг янги палласига чиқаётгани ҳақида таъкидлаб, яқин орада ОАВларда фаолият олиб бораётган ходимлар учун қатор имтиёз ва шароитлар яратилиши ҳақида гапирди. Хусусан, яқин муддатларда:
- ОАВ вакиллари учун махсус дам олиш зоналари, соғломлаштириш марказларига йўлланма бериш тизими йўлга қўйилади;
- Журналист ва блогерлар ҳимоясини ҳуқуқий қонунийлаштириш юзасидан Адвокатлар палатаси билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади;
- Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Ҳиндистон, Россия ва Жанубий Корея журналистлар уюшмалари билан халқаро ҳамкорлик меморандумлари қабул қилинади.
Шунингдек, Олимжон Ўсаров айни пайтда анжуман бўлиб ўтаётган Миллий матбуот марказини келажакда "Журналистлар уйи"га айлантириш режалаштирилаётганини маълум қилди.
"Мана, ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсиз, сўнгги кунларда турли сайтлар билан боғлиқ юзага келаётган муаммолар фақат ижтимоий тармоқларда муҳокама этилмоқда. Биз эндиликда Миллий матбуот марказида журналистларнинг истаган вақтида келиб ижод қилиши, керак бўлса, иш фаолиятларида дуч келаётган муаммоларини ҳамкасблари ва мутахассислар билан муҳокама қилишлари мумкин бўлган шароитни яратмоқчимиз. Бир сўз билан айтганда, келажакда Миллий матбуот маркази ҳақиқий "Журналистлар уйи"га айланади", - деди уюшма раҳбари.






