“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига кўра, жамият таркибидаги корхона ва ташкилотларда комплаенс назорат йўналишида тўғридан-тўғри ва потенциал манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, бартараф этиш ва келгусида олдини олиш, шундай ҳолатларда фаолият юритаётган ходимларни бошқа лавозимларга ўтказиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Бунинг натижасида жамият тизимида ҳам жуда кўп ҳолатларда қариндош-уруғчилик муносабатларини авж олганлиги, бундай муносабатларнинг бевосита хизмат вазифасига кўра тўғридан-тўғри бўйсунувидаги лавозимларда ҳам учраётганлик холатлари аниқланиб, бу бўйича Бошқарув раиси томонидан танқидий муносабат билдирилди.
Мисол учун, бир корхонада фаолият олиб борадиган бош технологнинг 5 та қариндоши қўл остидаги асосий ишлаб чиқариш цехида ишлайдиган бўлса, бошқа бир энергетикнинг 4 та қариндоши қўл остидаги электр таъминот цехида фаолият юритиб келмоқда.
Худди шундай, бир корхона директорининг укаси бўлим бошлиғи лавозимида ишласа, директор ўринбосарининг укаси муҳандис энергетик лавозимида ёки харидлар бўлими бошлиғининг қизи эса мазкур бўлимда моддий техник таъминоти бўйича муҳандис лавозимида ишлаб келаётганлиги каби ҳолатлар аниқланган.
Жамиятнинг бошқармалари (завод), корхона ва нефть базаларида ишловчи ходимлар ўртасида 220 та ҳолатда манфаатлар тўқнашувининг асосий омили бўлган қариндош-уруғчилик муносабатлари аниқланган бўлиб, 127 та ҳолатда манфаатлар тўқнашуви бўйича тегишли мувофиқлаштириш ишлари амалга оширилди.Қолган муносабатларни тартибга солиш ва мувофиқлаштириш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимини шаффоф этишга қаратилган ислоҳотлар ҳамда манфаатлар тўқнашувини олдини олиш йўлидаги профилактика ишлари давом эттирилмоқда ва келгусида ҳам ушбу назорат ишлари натижалари бўйича маълумотлар тақдим этилади.






