АсосийJamiyat

Навоийда бадбўй ҳид тарқалгани тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирилди

'Навоийда бадбўй ҳид тарқалгани тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирилди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда 18 июнь кунидан бошлаб Навоий шаҳри ҳудудида нохуш ҳид тарқалгани ҳамда Карманада жойлашган «Бережливост» ХИЧКга қарашли маиший хўжалик чиқиндиларини кўмиш полигонида ёнғин чиққани тўғрисидаги шикоятлар вилоят Экология бошқармаси томонидан ўрганилди.

Аниқланишича, об-ҳавони кескин исиб кетиши натижасида чиқиндилар кўмилган полигонда чиқиндилар қизиб тутаган ва 19 июнь куни ёнғин содир бўлган. Натижада атмосфера ҳавосига катта миқдорда тутун турли газлар кансероген моддалар, ис гази ва бошқа моддалар ажралиб чиққан.

Шамолнинг йўналиши ҳисобга олган ҳолда ушбу газлар шаҳар атмосфера ҳавосида сақланиб, аномалия ҳолатларини содир қилган ва аҳоли учун ноқулай шароитни келтириб чиқарган. Бошқарма ходимлари томонидан бориб ўрганиб чиқилган ва қонуний чоралар кўрилган бўлишига қарамасдан, корхона томонидан аҳоли ва ҳудудларнинг табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фуқаро муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қонунчилик талабларига амал қилинмагани оқибатида чиқиндиларни кўмиш полигонида ёнғин юзага келган.

Корхоналардан 20 дан ортиқ техникалар, 2 та юқори сиғимли сув монитор гидрантлари, 3 та ўт ўчириш  машиналари, 2 та бульдозер, 20 та Howo юк ташувчи автотранспорт воситалари жалб қилинган. Улар ёрдамида 500 метр куб қум-тупроқ ташланиб, ёнган ҳудудларни кўмиб ташлаш чоралари кўрилган. Шу билан бир қаторда тутуннинг шаҳар ҳудудига таъсир доирасига қараб, кечки пайтларда бошқарманинг лабораторияси шаҳар ҳудудида атмосфера ҳавосидан намуналар ҳамда таҳлил ишларини олиб боришга келишиб олинган.

22 июнь куни Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Атроф-муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш бўлими (Аналитик лаборатория) ва Навоий вилояти Гидрометеорология бошқармаси  ҳузуридаги Навоий шаҳар атмосфера ҳавосини мониторинг қилиш лабораториялари билан ҳамкорликда чиқиндихонанинг санитар ҳимоя минтақасидан намуналар олиниб, таҳлил ишлари олиб борилган.

Навоий вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Аналитик лабораторияси томонидан чиқиндихонанинг шарқий томонидан олинган намуналар таркиби қуйидагилар аниқланган: азот оксиди ПДК 0,06 натижа — 1,67 маротаба, азот оксидлари ПДК 0,085 натижа —1,76 маротаба, олтингугурт икки оксиди ПДК 0,5 натижа —1,3 маротаба, углерод икки оксиди ПДК 5 натижа —1,2 маротаба белгиланган меъёрлардан юқори. Гидрометрология лабораторияси таҳлиллари натижалари ноорганик чанг ПДК 0,5 натижа — 1 маротаба, олтингугурт оксиди ПДК 0,5 натижа — 0,38 маротаба, углерод оксиди ПДК 5 натижа — 1,4 маротаба, азот икки оксиди ПДК 0,085 натижа — 1,05 маротаба, аммиак ПДК 0,2 натижа — 1 маротаба белгиланган меъёрлардан юқорилиги аниқланган.

Чиқиндихонанинг жанубий томонидан олинган намуналар ҳам атмосферадаги зарарли газлар миқдори белгиланган меъёрдан ортиқлигини кўрсатган.

"Меъёрдан юқори чиққан ҳолатлар бўйича табиатга етказилган зарар ва атмосфера ҳавосини ифлослантирганлиги учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, барча ҳолатлар бўйича судга чиқариш учун ҳужжатлар таёрланмоқда. Ушбу ҳудуд Навоий вилояти Экология бошқармаси давлат инспекторлари томонидан назоратга олинди ишнинг якуни бўйича қўшимча маълумот тақдим этилади", — дейилади хабарда.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар