1

Барқарор ривожланиш сари жаҳон парламентлари ўртасида халқаро мулоқот ва глобал ҳамкорлик йўлга қўйилади

ЖАМИЯТ 24.06.2021, 16:17
Барқарор ривожланиш сари жаҳон парламентлари ўртасида халқаро мулоқот ва глобал ҳамкорлик йўлга қўйилади

  2021 йил 24 июнь куни Бухоро шаҳрида “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда глобал парламентлараро ҳамкорлик” Халқаро форуми доирасида мавзуга доир сессиялар ўтказилди. Бу ҳақда "Даракчи" мухбири хабар бермоқда.

 Хусусан, иштирокчилар барқарор ривожланиш сари жаҳон парламентлари ўртасида халқаро мулоқотни ва глобал ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқдилар.

 Сессияни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси Р. Алимов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори вазифасини бажарувчи М. Лемуан олиб борди.

 Ҳамкорлик БМТнинг барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадларига эришишнинг муҳим шартларидан бири экани таъкидланди. Жаҳон парламентлари ўртасида тизимли халқаро мулоқот ва глобал ҳамкорликни йўлга қўйиш 2030 йилги кун тартиби мақсадларини амалга оширишда энг катта самарага эришишга имкон берадиган устувор ва муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Сўнгги 4 йил ичида ташқи сиёсат ва парламентлараро алоқаларни кенгайтириш бўйича Ўзбекистон парламентининг фаоллиги сезиларли даражада ўсди.

 2020 йилда парламент палаталари Кенгашларининг қўшма қарори билан Ўзбекистон Республикасининг Парламент дипломатияси концепцияси қабул қилинди, унинг мақсад ва вазифалари Барқарор ривожланиш мақсадларига мос келади ва БРМ соҳасида парламент халқаро фаолиятини амалга оширишнинг қатор истиқболли механизмларини назарда тутади.

 2021 йил апрель ойида палаталар Кенгашларининг “Парламентлараро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада фаоллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Қўшма қарори қабул қилинди, унда ЕХҲТ ПА, МДҲ ПА, ПИ ва ТуркПА билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режалари тасдиқланди.

 Ўзбекистон Олий Мажлиси чет давлатлар парламентлари билан икки томонлама форматда фаол ҳамкорлик қилмоқда. Томонлар халқаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштирмоқда ва халқаро парламентлараро ташкилотларда БРМ бўйича нуқтаи назарларни келишиб олмоқда, шунингдек қўйилган вазифаларни самарали амалга ошириш механизмлари бўйича тажриба алмашмоқда.

 Сессияда глобал муаммоларни ҳал қилишда максимал даражада таъсир кўрсатиш ва харажатларни камайтириш, шунингдек, 2030 йилги кун тартибида хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1