27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни арафасида Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ёшлари ишлари агентлиги, “Менинг юртим” телеканали, ташаббуси билан “Tashkent City” Халқаро ишбилармонлик марказида мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари таҳририятларида фаолият кўрсатаётган ёш журналистлар, матбуот хизмати ходимлари ва блогерларни тақдирлаш маросими ўтказилди.
Маълумки, 2021 йилнинг 2 апрель куни ЎзЭОАВМАга аъзо телерадиоканаллар томонидан “Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” медиа-дастури қабул қилинган, ундан ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш, хусусан, ёшлар студияларини ташкил этиш бўйича махсус лойиҳалар ҳам ўрин олганди.
Жорий йилнинг май ойида ўтказилган “Янги Ўзбекистон – ёш журналистлар нигоҳида” медиа-ҳафталиги доирасида талабалар ва ёш ижодкорлар орасидан сараланган юз нафар йигит-қиз “Ёшлар мультимедиа студияси”га жалб қилинди. Айни пайтда улар малакали устозлар кўмагида касб сирларини чуқур ўрганиш баробарида, турли мавзуларда медиа-маҳсулотлар тайёрлашмоқда.
Мазкур тадбирда кейинги йилларда юртимизда ёшларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга эътибор янада кучайгани, уларнинг бугунги миллий медиа майдонидаги ўрни ва аҳамияти ортиб бораётгани, ёш журналист ва блогерларнинг олдида турган муҳим вазифалар хусусида ҳам сўз юритилди.
Тадбир ниҳоясида ЎзЭОАВМА бош директори Ж.Сафоев, “Менинг юртим” телеканали бош директори Нозим Қодиров миллий медианинг энг фаол, ёш вакилларига қимматбаҳо совғалар ва ташаккурномаларни топширдилар.






