27 июндан 28 июнга ўтар кечаси Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашед бошчилигидаги делегация юртимизга ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Мартабали меҳмонларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов,Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов ҳамда бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимлари кутиб олишди.
Мажид Рашед журналистларга берган дастлабки интервьюсида қуйидагиларни айтиб ўтди:
“Бу менинг Ўзбекистонга илк ташрифим эмас. Мен 2013 йилда ҳам бу ерда бўлганман. Янгиликлар орқали сўнгги пайтларда юртингизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва улкан ўзгаришлар ҳақида мунтазам танишиб бораман. Айниқса, Ўзбекистонда Паралимпия ҳаракатига давлат миқёсида эътибор қаратилаётганининг самараси ўлароқ, ушбу мамлакат спортчилари йилдан-йилга юқори натижаларга эришиб келмоқда. Умид қиламанки, ўзбекистонлик паралимпиячилар Токиода бўладиган Паралимпия ўйинларида ҳам юқори натижаларга эришади”.
Дастурга мувофиқ, бугун куннинг иккинчи ярмида Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашед бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдухакимов билан учрашиши ҳам белгиланган.






