Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги электр подстанцияларидан бирида 28 июнь куни ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, воқеа Термиз шаҳар Тупроққўрғон МФЙ Денов кўчасида содир бўлган. Таъкидланишича, ушбу кўчада жойлашган электр подстанцияси ҳудудидаги трансформаторларнинг бирида ёнғин юзага келган. Воқеа жойига Термиз шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлимининг 2 та ёнғин-қутқарув экипажлари етиб борган.
Шунингдек, экипаж ҳодиса жойига соат 12:08 да етиб бориб, 12:18 да тўлиқ ўчирилган. Ҳодисада жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби ва келтирилган зарар миқдори аниқланмоқда.