1

Президент уй совға қилган Азиза Самиғова ҳақида. У уйга нафақат муҳтож, балки, муносиб ҳам эди 

ЖАМИЯТ 29.06.2021, 00:00
Президент уй совға қилган Азиза Самиғова ҳақида. У уйга нафақат муҳтож, балки, муносиб ҳам эди 

"Ўтказишга жойи йўқ, лекин кўнгли кенг. Шу ерда онаси билан яшайди, овқатланади, ишлаб пул топади. Пианиноси тикув материалларига шкаф вазифасини ўтайди. Бир қараганда "ҳеч нарсам йўқ" дейишга ҳамма асоси бор. Бир қараганда "ҳаммадан бахтлиман" дейишга ўнлаб сабаб айтади. Қатъиятли қиз Азиза", деган эди "Микрофон кўтарган аёл". 

Иродаси мустаҳкам Азиза
Сергели туманида кичкинагина бир қизча бор эди. Бостирмадек уйда катта орзулари билан яшарди. Ёлғиз онаси Адолат опа Азиза учун ҳамма нарсада куйди-пишди бўлди. Лекин, осмон йироқ, ер қаттиқ. Тирикчилик учун она-бола бирга ташландиқ жойларда деҳқончилик ҳам қилишди, бир-икки сўм бўлар деб терак экишди, йиллаб унинг дарахт бўлишини кутишди. 

Дарахтлар тўсиндек бўлганида кимлардир уларни кесиб ҳам кетди. Оиланинг бошида эркак киши, отаси бўлмагани учун Азиза ва онаси кўп бор бошлаган ишларида панд ейишди, айримлар алдади. Орада тикувчилик ҳам қилишди. Қандай қилиб денг? Она-бола нима ейишса, сотиб олишса, дейлик, бир бўлак колбаса сотиб олиб ейишса ҳам, ёрлиғидаги телефон рақамларни ёзиб олишар, кейин ўша заводнинг рақамига қўнғироқ қилиб "сизга спецовка кийимлар керакмасми, ишчиларизга тикиб берамиз" деб сўрашарди. Буюртмалар олиб махсус ишчи кийимларини тикиб, тирикчилик қилишди. 

Азиза бўй етган қиз. Самимий, дилидаги тилида. Онаси қачон бошимизга уй битаркин, совчини қаерда кутаман, қизимни қандай узатаман, деб жони ҳалак юрарди. "Ёшлар дафтари" ҳақидаги хабарни ҳам онаси маҳалладан топиб келди. Азиза тадбиркорлик бошлайман деб 3 та замонавий тикув машинасини сотиб олиш учун 36 миллион сўм кредит олди. Энди 3 киши ишлаб буюртмаларни тикишни бошлашди. Унинг орзулари ва фикрлари ҳақдаги видеоролик кутилмаганда давлат раҳбари эътиборига тушди.  Буёғи энди тушга ўхшаб кетди...Ҳамма учун... 

Бугун  Шавкат Мирзиёев номидан Азиза Самиғова номига мактуб келди. Уни давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди. Мактубда Президент Азизанинг ҳаётнинг турли синовларида ҳам келажакка қатъий ишонч ва умид билан қараётгани, ёш тадбиркор сифатида бошқаларга ўрнак эканини айтиб ўтган: "...Тақдирнинг ҳар бир синовида албатта ҳикмат бор.  Ҳаёт қийинчиликлари инсонни янада кучли қилади. Шубҳасиз бу синовли кунлар ҳам ўтмишга айланади. Шуни билингки, сиз ҳеч қачон ёлғиз эмассиз. Сизнинг тимсолингизда барча шижоатли ўғил-қизларимизнинг мақсадлари амалга ошиши учун доимо ёрдам қўлини чўзамиз."

Давлат раҳбари ўз мактубида Азиза ва унинг онасига Сирғали туманидан 3 хонали уй берилишини маълум қилди, Тадбиркорлик қилаётган пастқамгина яшаш жойи таъмирланиб цехга айлантириладиган бўлди. Азизанинг ҳикояси мана энди бошланаётганга ўхшайди. Бу энди бошқа, бахт ҳикояси бўлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1