1

Тошкентда ЙПХ инспектори 17 ёшли Матиз ҳайдовчисини нима учун таъқиб қилгани маълум бўлди

ЖАМИЯТ 29.06.2021, 21:55
Тошкентда ЙПХ инспектори 17 ёшли Матиз ҳайдовчисини нима учун таъқиб қилгани маълум бўлди

Интернет тармоғида Тошкент шаҳар ИИББ хизмат автомобили ҳуқубузарни таъқиб қилаётгани акс этган видео тарқамоқда. Видео муаллифи эса инспекторнинг хизмат вазифаларини адо этишини ноқонуний ҳисоблаб, унга тўсқинлик қилган. Мазкур ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИБ маълумот берди.

Унга кўра, 29 июнь куни тахминан соат 2:30 да Олмазор туманидаги Кичик халқа автомобиль йўлида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспектори кичик сержант Э. Расулов хизмат олиб бориши давомида “Matiz” русумли автомобилнинг (давлат рақами 90 N 480 FA) ҳаракатлари унинг эътиборини тортди. Инспектор жезл ва ҳуштак орқали ҳайдовчига тўхташ ишорасини кўрсатган. Аммо ҳайдовчи инспекторнинг қонуний талабига бўйсунмасдан, ҳаракатни давом эттирган ва бу билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 194-моддасида (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) қайд этилган ҳуқуқбузарликни содир этган.

Шу сабабли, Тошкент шаҳар ИИББ ходими ўзига бириктирилган хизмат автомобилида юқоридаги автомобилни таъқиб қила бошлаган.

Ҳаракатланиш давомида “Matiz” автомобили бошқарувни йўқотиб “Cobalt” автомобилига (давлат рақами 01 Е 455 LB) тўқнашган ва қонун талабларини бузган ҳолда воқеа жойини тарк этган. Бу билан у Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган. Мазкур ЙТҲда ҳеч ким жабрланмади. Лекин бу билан ҳуқуқбузарликлар тугамади: “Matiz” ҳайдовчиси жавобгарликдан қочиш мақсадида қарама-қарши ҳаракат йўлига чиқиб атрофдаги транспорт воситалари учун хавф туғдирган ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-5-моддасини (“Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши”) бузган.

Кўрилган чоралар натижасида “Matiz” автомобили тўхтатилган. Уни бошқарган 2004 йилда туғилган Зойир А.нинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатлари йўқлиги аниқланган. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Автомобиль жарима майдончасига жойлаштирилди.

Сўз якунида жамоатчиликдан видео муаллифига эътибор қаратишини сўрардик. У катта тезликда хизмат автомобилини таъқиб қила бошлаган ва ҳаракат давомида мобиль телефондан фойдаланган. Воқеа сўнгида муаллиф йўлда хавфли вазиятлар туғдирган. Сўнг у автомобилини йўлнинг қатнов қисмида тўхтатиб, пиёда сифатида ИИББ ходими хизмат фаолиятига халақит қилган. Муаллифнинг видеодаги эътирозларига сабаб унинг ҳуқуқий саводсизлигидир. Шу тарзда у интернет тармоғида навбатдаги “жанжал” чиқармоқчи бўлган. Умид қиламизки, келажакда у қонунчиликка биринчи навбатда ўзи амал қилиши зарурлигини тушуниб етади. Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари видео муаллифининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беради. Текширув якуни бўйича унга нисбатан қонуний чоралар кўрилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1