1

“Сувсоз”нинг мутахассисига мушт туширган қарздорга ҳукм ўқилди

ЖИНОЯТ 05.07.2021, 10:34
“Сувсоз”нинг мутахассисига мушт туширган қарздорга ҳукм ўқилди

Ўзимизни бир кун чироқсиз, газсиз, сувсиз тасаввур қилолмаймиз, чунки уларсиз яшаш қийин. Аммо сўнгги пайтларда коммунал хизматлар ҳақини ўз вақтида тўлашни талаб қилган масъуллар билан фуқаролар ўртасида турли хил тушунмовчиликлар, жанжаллар юзага келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Қуйидаги воқеа ҳам айнан шу ҳақда...   

Юзига мушт туширди

Тошкент шаҳар, Олмазор туманида яшовчи Кенгашев Бахтиёрга (исм-шарифлар ўзгартирилган) “Сувсоз” ДУК Олмазор туман сув тақсимоти бўлими мутахассиси Наримонов Элдор ўз хизмат вазифасини бажариб, унинг хонадони ичимлик сувидан қарздорлиги мавжудлиги ҳақидаги талабномани тақдим этади. Уларнинг ўртасида келиб чиққан ўзаро келишмовчилик натижасида Кенгашев Бахтиёр Наримонов Элдорнинг юзига мушт тушириб, ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказади.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Наримонов Элдор пастки жағ, ўнг томон тана, чап томон бурчак соҳаларидан ёпиқ синиб, силжиши каби ўртача оғир даражадаги тан жароҳати олганлиги аниқланган.

“Қарзни тўламайман, дедим...”

Судланувчи Кенгашев Бахтиёр суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қуйидагича кўргазма берди:

— Ўша куни кўчага чиқсам, бир нечта қўшнилар йиғилиб туришганини кўриб, уларнинг олдига бордим. Шу пайт олдимизга кейинчалик исми-шарифи маълум бўлган Наримонов Элдор келди. У қарздорлик бор-йўқлиги  ҳақида маълумот бериб юрган экан. Мен ҳам унга уй манзилимни айтиб, қарзим бор-йўқлигини билиб беришни илтимос қилдим. Наримонов Элдор уйимда қарздорлик борлигини айтиб,  талабнома берди. Талабномани ўқиб кўрсам, ушбу қарздорлик марҳум амакимнинг номига ёзилган экан. Мен Наримонов Элдорга амаким анча йиллар илгари вафот этганини, фарзандлари барча қарзларни тўлаб келишганини, шунинг учун бу қарзни тўламаслигимни айтдим. У эса “шу хонадонда энди сиз яшаяпсизми, тўлайсиз”, деди. Бу гапдан жаҳлим чиқиб, ўзаро жанжаллашиб кетдик. Мен Наримонов Элдорга болам тенги эканлигини айтдим. У ўриндиқнинг орқа тарафига ўтмоқчи бўлганда, ердаги шохларга қоқилиб, йиқилиб тушди. Кейин ўрнидан туриб, олдимга келди-да, сенсираб муомала қилди. Элдорнинг бундай ҳурматсизлиги баттар жаҳлимни чиқарди. Мен унинг юзига мушт туширдим. Бизни қўшнилар ажратиб қўйишди. Воқеадан хабар топган ўғлим келиб, мени уйга олиб кириб кетди. Кейинчалик Наримонов Элдорнинг даволаниши учун 5 миллион сўм етказилган зарарни копладим, ундан кечирим сўрадим. Ҳозирда қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонлигимни инобатга олиб, енгилроқ жазо беришингизни сўрайман.

“Муттаҳамликда айблади...”

Жабрланувчи Наримонов Элдор судда қуйидагиларни маълум қилди:

— Мен Олмазор тумани Сув тақсимоти бўлими бошқармаси “Сувсоз” ДУКда мутахассис лавозимида ишлайман. Хизмат вазифаларимга истеъмолчиларнинг сонини аниқлаш, қарздорлик мавжуд бўлган фуқароларни огоҳлантириш ҳақида талабнома тарқатиш, ажратилган ҳудуд бўйича дебитор ва кредитор қарздорликларни бартараф қилиш, сув ўлчагичларнинг яроқлилигини назорат қилиш киради. Ўша куни раҳбаримиз бизга сувдан қарзи бор фуқароларни огоҳлантириш, уларга талабнома тарқатишни оғзаки равишда буюрди. Шундан кейин барча ходимлар кўчалар бўйлаб, тақсимланди. Менга Кенгашев Бахтиёр яшайдиган кўча бириктирилди. Кўчада жойлашган ўриндиқда ўтирганча ўша ерда яшовчи фуқароларга талабнома тарқата бошладим. Кенгашев Бахтиёрга ҳам талабнома берганимда у мазкур қарз ўзига тегишли эмаслигини айтиб, эътироз билдирди. Мен унга уйнинг ҳужжатларини олиб чиқиб, кўрсатсангиз аниқлик киритамиз, дедим. Аммо у “уйнинг ҳужжатларини олиб чиқмайман, талабномангни тўғирлаб ёз, бу талабномангни ҳам қабул қилмайман”, деди. Кенгашев Бахтиёр мени муттаҳамликда айблаб, ҳақоратлаганидан кейин ўртамизда жанжал келиб чиқди. У менинг юзимга мушт туширди. Жағим қаттиқ оғриганлиги сабабли касалхонага бордим. Рентгенга тушганимда жағим икки жойидан синганлиги маълум бўлди. Кенгашев Бахтиёр даволанишим учун 5 миллион сўм етказилган зарарни коплади, узр сўради. Ҳозирда соғлигим яхши, унга нисбатан ҳеч қандай даъвом йўқ. 

Ҳукм ўқилди

Кенгашев Бахтиёр Жиноят кодексининг 105-моддаси, 2-қисми “в” банди билан айбли, деб топилди ва унга нисбатан 3 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Мирзиёд АБИДОВ, Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси, 

Лола ШОИМОВА, журналист.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1