2021 йилнинг 6 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Владимир Норов билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ШҲТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари ҳамда Ташкилот фаолиятини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган. ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгаши ва Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг бўлажак йиғилишлари кун тартиби ва ташкилий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилган.
Шунингдек, 2021 йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзуидаги юқори даражали халқаро конференциясида ШҲТ делегациясининг иштирокига алоҳида эътибор қаратилган ва айрим халқаро ва минтақавий масалалар ҳам кўриб чиқилган.