АсосийJamiyat

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Тошкентда бўлиб ўтадиган Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақавий ўзаро боғлиқлиги мавзусидаги конференция ҳақида гапирди

'Ташқи ишлар вазири ўринбосари Тошкентда бўлиб ўтадиган Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақавий ўзаро боғлиқлиги мавзусидаги конференция ҳақида гапирди'ning rasmi

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ғайрат Фозилов кеча ЕХҲТнинг Европада иқтисодий ҳамкорлик бўйича Бонн конференциясининг 30 йиллигига бағишланган юқори даражадаги онлайн-конференциясида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири мухбири.

Тадбирда ЕХҲТга аъзо давлатларнинг юқори мартабали вакиллари, ҳамкорлар, қатор халқаро ташкилот ва тузилмалар иштирок этди.

Анжуман дастуридан иштирокчи давлатлар ўртасида иқтисодий ва экологик ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, ЕХҲТ минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг долзарб масалалари ўрин олди.

Мавзуларга алоқадор сессияларда рақамли ўзгаришларнинг роли, COVID-19 инқирозининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини олдини олиш учун ўзаро ёрдам механизмлари, аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, Евроосиёдаги алоқалар масалалари ва иқлим ўзгаришининг иқтисодиёт ва хавфсизликка таъсирини юмшатиш чоралари муҳокама этилди.

Ўзбекистон томони мамлакатимиз Президентининг Марказий Осиёни жаҳон иқтисодиётига интеграциялашган хавфсизлик, барқарорлик ва барқарор тараққиёт минтақасига айлантиришга қаратилган минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари ҳақидаги батафсил маълумотларни тадбир иштирокчиларининг эътиборига ҳавола этди.

Шу ўринда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 15-16 июль  кунлари Тошкент шаҳрида ташкил этилаётган  «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» халқаро конференциясига алоҳида эътибор қаратилди. 

Ушбу анжуман Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича стратегик тасаввурни шакллантириш, икки минтақа давлатларининг транспорт ва транзит салоҳиятини амалда жорий этиш бўйича аниқ таклифларни муҳокама қилиш, истиқболли бозорларга чиқиш, экспортни кенгайтириш, инвестиция, инновация ва технологияларни жалб этиш, гуманитар ва сайёҳлик биржаларини кенгайтиришни кўзда тутиши  таъкидланди.

У «Марказий Осиё - Жанубий Осиё» стратегик боғланиш моделининг асосий йўналишлари - транспорт ва логистика, энергетика, савдо, ишлаб чиқариш, инвестиция, технология, маданий-гуманитар соҳалардаги кўп томонлама ҳамкорликка доир масалаларни муҳокама қилиш учун сиёсий ва эксперт платформаси бўлишига мўлжаллангани қайд этилди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг йирик трансминтақавий алоқани ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини мамнуният қайд этишар экан,  ўзаро боғлиқлик режаларининг амалда бажарилиши икки минтақада янги иқтисодий ўзгаришларни юзага келтириши ҳамда иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт-коммуникацияси соҳаларида улкан ЕХҲТ маконига яхши имкониятлар яратиши мумкинлигини таъкидладилар.

Бошқа янгиликлар