Узумни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиришнинг тўлиқ циклини яратиш мақсадида Фориш – 900 гектар, Олтинсой – 330 гектар, Иштихон – 310 гектар ва Янгиобод туманида – 210 гектар саноатбоп узум етиштириш бўйича дастлабки 4 та йирик кластер ташкил этилади.
“Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқуловнинг айни пайтда бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишидан маълум қилишича:
- ушбу кластерларга узумни қайта ишлаш ускуналарини сотиб олиш харажатларининг 20 фоизини Виночилик агентлиги қоплаб беради;
- майиз қуритиш ва қадоқлаш линияларини барпо этиш харажатларининг 20 фоизигача субсидия ажратилади;
- табиий виноларга нисбатан акциз солиғи бекор қилинади;
- етиштирилган ҳосилнинг 30 фоизи экспорт қилинса, даромад ва мулк солиқлари 30 фоизга, экспорт 30 фоиздан ошса, 2 бараварга камайтирилади;
- экспорт қилинган ҳар бир литр табиий вино учун 5 минг сўм субсидия ажратилади.
Шу билан бирга президент Шавкат Мирзиёев келгуси тўрт йилда экспортни хўраки узум бўйича 600 миллион долларга, майизда – 500 миллион долларга ва табиий винода – 100 миллион долларга олиб чиқиш учун масъуллар ўзларининг аниқ режаларини белгилаб олишлари кераклигини таъкидлади.






