АсосийJamiyat

Алишер Қодиров: "Ўзбекистонда шанба ва якшанба кунларини ҳақиқий дам олиш кунларига айлантиришга эришиш керак!"

'Алишер Қодиров: "Ўзбекистонда шанба ва якшанба кунларини ҳақиқий дам олиш кунларига айлантиришга эришиш керак!"'ning rasmi

Аввал хабар қилганимиздек, Исландияда ишчиларнинг иш ҳақини камайтирмаган ҳолда, тўрт кунлик иш ҳафталигига ўтказиш бўйича тажрибанинг якуний натижалари эълон қилинди. 

Британиянинг “Аutonomy”  илмий – тадқиқот  маркази, Исландиянинг (Аlda) барқарор ривожланиш ва демократия ассоциацияси билан ҳамкорликда барча маълумотларни тўплаб, ушбу тажрибани амалга оширган. 

Бу тадқиқотда Исландия меҳнат бозорининг 1 фоизини ташкил этувчи 2,5 мингга яқин ишчилар иштирок этган. Тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтишда иш вақти 40 соатдан, 35-36 соатгача қисқартирилган.  Тадқиқотчилар тажрибадан сўнг ишчиларнинг  унумдорлик даражаси ошгани, турмуш сифати сезиларли даражада яхшилангани, стресс ва чарчоқ сезиларли камайганини айтмоқдалар.  

Аввалроқ шундай тажриба Япония ва Янги Зеландияда ҳам ҳудди шундай натижаларга олиб келган экан. Бу ҳақдаги маълумотлардан сўнг, "Миллий тикланиш" партияси раҳбари Алишер Қодиров ушбу масалада ўзининг айрим мулоҳазаларини юритди.  

"Ўзбекистонда бу мавзуда нима дейиш мумкин?  

Ўзбекистонда шанба ва якшанба кунларини ҳақиқий дам олиш кунларига айлантиришга эришиш керак.  

Тан олиш керак, меҳнат унумдорлиги, ходимнинг фойдалилик даражаси ёки креатив ечимлар топиш масаласида, айниқса давлат хизматида, етарли муаммолар бор.  

Сабаблардан бири сифатида ходимни етарли дам олмаслиги ва стресс даражасининг юқори эканлигини рад этиб бўлмайди!  

Шунингидек, ходим нега иш вақти тугаганидан кейин уйига шошилмаслигини ҳам аниқлаш керак: ходим кунлик вазифани бажараолмайдими ёки бошқарув кундалик вазифани тўғри қўймайдими?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги таҳрирдаги Меҳнат Кодекси устида иш олиб борилаётганлиги айни муддао.  

Бу масалаларга ўзимизни алдамасдан ечим топишимиз керак…"- дейди депутат расмий саҳифасида қолдирган муносабатида. 

    Бошқа янгиликлар