“Дарё.уз” сайтининг Қашқадарё вилояти бўйича мухбири Отабек Қўлдошев 2021 йилнинг 15 май куни Пастдарғом туманида 17 ёшли ўспирин бола интернетда авж олган тотализаторда (қимор ўйни дастгоҳи) катта миқдорда пул ютқазиб, бошқалардан қарз бўлиб қолганлиги сабабли ўз жонига қасд қилганлигини билдириб, бу ҳақида батафсил маълумот олиш бўйича Бош прокуратурага мурожаат қилган.
Сўров бўйича дарҳол ахборотни тақдим этиш мақсадида Самарқанд вилояти прокуратураси билан боғланилганида бундай ҳолат расман рўйхатдан ўтказилмаганлиги маълум бўлди, дея ҳолат юзасидан ахборот берди Бош прокуратура Матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов.
Шундан сўнг зудлик билан ўрганиш ишлари ўтказилган.
Аниқланишича, 2021 йил 15 май куни Пастдарғом тумани, “Янгиобод” маҳалласида яшаб келган 18 ёшли ўспирин ўз уйнинг ёрдамчи хўжалик хонасида ўзини осиб, жонига қасд қилган.
Бироқ, яқинлари бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар қилмасдан, шу куни маҳаллий урф одатларни ўтказган ҳолда марҳум қабристонга дафн этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 7 июль куни Пастдарғом тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказишга киришилиб, ҳодиса ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўз вақтида мурожаат этилмаганлиги юзасидан туман халқ таълими бўлими, ободонлаштириш бўлими, оила ва маҳаллани қўллаб қувватлаш бўлими ва ИИБга хизмат текширувлари тайинланди.






