Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасиинг маълум қилишича, 2021 йил 7 июль куни тахминан соат 22.00 ларда Бектемир тумани Қўйлиқ бозори ҳудудида Тошкент шаҳар ИИББ ва бошқа мутасадди ташкилот ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан, санитария талабларига риоя этмаган ва ўрнатилган тартиб-қоидаларни бузаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сотувчилари аниқланган.
Уларнинг орасида коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашганлигини била туриб, жамоат жойида тиббий ниқобсиз юрган 43 ёшли Асилбек Х. ҳам бор бўлган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Ушбу фуқаронинг ёнида бўлган турмуш ўртоғи – 39 ёшли Б Х. ҳам карантин талабларини бузган. ИИБ ходимларининг огоҳлантиришларига қарамай аёл турмуш ўртоғига нисбатан қонуний чора кўрилишига тўсқинлик қилиш мақсадида баённома расмийлаштириш жараёнига аралашиб, бақириб, шовқин кўтаришни бошлаган.
Ушбу шовқин-суронни тўхтатиш ва Б. Х ни тинчлантириш ҳамда профилактик суҳбат ўтказиш мақсадида у хизмат автобусига таклиф этилган бироқ аёл янада кўпроқ шовқин кўтарган ва ноўрин ҳаракатлар қилган.
Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари вазиятни янада мураккаблаштирмаслик ҳамда сотувчи аёл томонидан жаҳл устида моддий ёки бошқа зарар етказилишини олдини олиш мақсадида уни автобусга мажбурий тарзда кузатиб қўйишган.
Шу ўринда ИИББ фуқароларни огоҳликка чақирмоқда:
Ҳурматли пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари! Тиббиёт муассасалари қисқа муддат ичида касаллар билан тўлиб кетган бир вақтда – ҳар биримиз жамоат жойларида тиббий ниқобни тақиб юришимиз – жамият ва шахсан ўзимиз учун қилишимиз мумкин бўлган энг кичик яхшиликдир. Илтимос, давлатимиз томонидан ўрнатилган қоидаларга риоя этинг– улар сизнинг фойдангизга хизмат қилади.






