Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бугун «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» юқори даражадаги халқаро конференциясида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Непал Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Бхарат Раж Подялни қабул қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ташқи ишлар вазирлиги манбасига кўра, музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг кун тартиби муҳокама қилинди.
Томонлар халқаро ва минтақавий ташкилотлар, шунингдек, бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқаларни давом эттиришга тайёр эканликларини таъкидладилар.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги, хусусан, Непал билан савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қўшимча туртки бермоқда.
Непал томони бўлажак конференция катта аҳамиятга эгалиги ва унинг натижалари икки минтақанинг янада яқинлашишига ҳисса қўшишини алоҳида билдирди.
Музокаралар давомида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Непал ўртасида дипломатия муносабатлари 2018 йил 26 январь куни ўрнатилган бўлиб, Ташқи ишлар вазирлигидаги музокаралар икки томонлама ҳамкорлик тарихидаги ушбу даражадаги илк тадбирдир.






