"Ўзатом" агентлиги матбуот хизмати айрим телеграм каналларида тарқалган "Ядро университети Тошкент филиали талабалари: “Ўқитиш сифати тушиб кетди, филиал раҳбарияти муаммоларга бефарқ” сарлавҳали хабар юзасидан муносабат билдирди.
Хабар берилишича, ММФИда барча йўналишдаги фанларни ўқитиш учун фан номзоди ва фан доктори даражасига эга бўлган юқори малакали профессор-ўқитувчилар танлов асосида саралаб ишга қабул қилинган.
Университетда барча фанлар тасдиқланган режа асосида ўтиб келинмоқда. Ушбу иш режалари университетнинг расмий веб-сайтида очиқ эълон қилинган. Шу билан бирга, айрим умумтаълим ва мутахассислик фанларидан (материаллар қаршилиги, лойиҳалаштириш асослари ва машина деталлари, коррозиянинг назарий асослари ва металларни ҳимоялаш) Москвадаги бош университет профессор-ўқитувчилари томонидан ўқитиб келинмоқда.
Талабаларнинг билимини баҳолаш ҳар семестрда нафақат ўзбекистонлик, балки россиялик педагоглар томонидан амалга оширилади.
2021/2022 йилларда Филиалда "Турбомашиналар", "АЭСни автоматлаштириш", "Термодинамика ва иссиқлик етказиш асослари", "Ядро ёқилғиси цикли объектларини эксплуатация қилиш ва ундан чиқариш" каби фанларни ўқитиш режалаштирилмоқда.
Бугунги кунда филиалда талабалар учун 12 та лаборатория фаолият юритмоқда. Ўқитиш тизимини янада фаоллаштириш ва назария-амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида "Ўзатом" агентлиги томонидан махсус ўкув-лаборатория учун замонавий асбоб-ускуналар сотиб олиш ишлари якунланмоқда.
Талабалар ва ўқитувчилар учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида талабалар ва хорижий профессор-ўқитувчилар учун иккита 9 қаватли турар-жой бинолари қуриб битказилмоқда. Улар жорий йилнинг охиригача фойдаланишга топширилади. Уларнинг сиғими 500 нафар талаба ва 100 нафар ўқитувчилар учун мўлжалланган. Шунча сиғимли ошхона ва спорт мажмуаси ҳам қуриб битказилмоқда. Бу ишларнинг барчаси шахсан "Ўзатом" агентлиги Раҳбарияти қатъий назорати остида олиб борилмоқда.
Агентлик бош директори Ж.Мирзамаҳмудов талабалар билан доимий равишда шахсан учрашиб, уларни қийнаётган муаммолар ва масалаларнинг амалий ечимлари бўйича аниқ чоралар кўриб келмоқда. Олиб борилаётган қурилиш ва ободончилик ишларини кўздан кечириб, уларни янги ўқув йилига қадар тезлаштириш бўйича аниқ тавсияларини бериб келмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ахборот каналида эълон қилинган маълумотлар фактларга асосланмаган ва муаллифнинг бир томонлама асоссиз фикри эканлигини маълум қилинди.






