Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳақда хабар қилди. Маълум бўлишича, мазкур поликлиникалар коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахслар ҳамда ушбу инфекция тасдиқланган беморларга бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш, зарур лаборатор ҳамда инструментал текширувлар ўтказиш, текширув натижаларидан келиб чиққан ҳолда уларга даво муолажаларини тавсия қилиш ва амбулатор даволашни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилди.
Тиббий-санитария муассасалари ва хизмат кўрсатиш йўналиши яқин бўлган диспансерлар биносида фаолият бошлаган ушбу поликлиникалар аҳолига куну тун хизмат кўрсатиши белгиланган бўлиб, ҳар бир марказга 3 тадан тиббий бригада бириктирилган ва улар таркибидан 2 нафар шифокор ҳамда 2 нафар ўрта тиббиёт ходими ўрин олган.
Шунингдек, беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида, поликлиникалар рентген, кислород конденсаторлари, пульсоксиметр, зарур дори-дармонлар, сарфлов материаллари, дезинфекцияловчи эритма ва реактивлар, шунингдек, махсус тиббиёт воситалари билан таъминланган.
Айни пайтда пойтахтдаги барча оилавий поликлиникалар ушбу поликлиникалар билан интеграция асосида фаолият юритаётган бўлиб, у ерга коронавирус инфекциясига гумондор ҳамда инфекция тасдиқланган шахслар оилавий поликлиникалар йўлланмаси ва “103” хизмати орқали ёки ўзлари мустақил равишда ҳам мурожаат қилишлари мумкинлиги айтилмоқда.






