Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 15-16 июль кунлари пойтахтимизда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар” мавзусидаги Халқаро конференция ўтказилади.
Мазкур конференцияда 400 дан ортиқ хорижий меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.
Конференция фаолияти ҳақида маълумот бериш мақсадида унинг расмий сайти ҳам ишга туширилди.
Расмий сайтда қайд этилишича, мазкур тадбир битта ялпи мажлис, учта секцион йиғилиш ва якуний қисмдан иборат бўлади.
Дастлаб, 15 июль куни соат 15:00 дан 16:30 гача Тошкентда Марказий Осиё Халқаро Институтининг очилиш маросими бўлиб ўтади.
Унда Марказий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари ва мутахассислари иштирок этиши режалаштирилган.
16 июль куни конференция иши «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик» мавзусидаги ялпи мажлис билан бошланади. Тадбир мобайнида БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг мурожаати, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари, халқаро молия ташкилотлари бошлиқларининг нутқлари режалаштирилган. Мажлис доирасида Марказий ва Жанубий Осиёдаги минтақалараро ҳамкорликнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, ўзаро алоқаларнинг муваффақиятли намуналари, икки минтақани ўзаро боғлашга хизмат қиладиган истиқболли инфратузилма лойиҳалари кўриб чиқилади.






