Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДБҚнинг Тошкент вилояти бошқармалари томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Оҳангарон туманида ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Х.Р. бошқарувидаги “EPICA” русумли автотранспорт воситаси кўздан кечирилганда, ушбу автомашинанинг юк хонасида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 13 092 дона “Regapen”, 15 078 дона “Perge” ва 394 дона “Тропикамид” номли умумий қиймати 265,7 млн сўмлик кучли таъсир этувчи дори воситалари мавжудлиги аниқланиб ашёвий далил сифатида олинган. Бу ҳақда Прокуратура Департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






