ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Душанбе шаҳрига келган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов кеча Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайши, Афғонистон ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар ва Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар билан учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, музокаралар давомида ушбу мамлакатлар билан сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди. Кўп томонлама тузилмалар, шу жумладан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
2021-йил 15-16-июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» номли юқори даражадаги халқаро конференцияга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувларда Тошкент конференцияси ўз вақтида ўтказилаётган ва муҳим халқаро форум эканлиги, у нафақат Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий ўзаро алоқаларни фаоллаштиришга ёрдам бериши, балки минтақавий барқарорликни таъминлашга ҳам самарали ҳисса қўшиши таъкидланди.






