Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилоят партия ташкилоти раиси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Ниёзов Анвар Бобоназарович вафот этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги маълум қилди.
Анвар Ниёзов 1960 йил 24 октябрда Қоракўл туманида туғилган. 1983 йилда Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш инженерлари институтини тамомлаган.
Анвар Ниёзов меҳнат фаолиятини Республика “Ўздавлойиҳа” ер тузиш ва лойиҳалаш институтининг Бухоро филиалида муҳандис сифатида бошлади. 1989 йилга қадар шу ташкилотда партия бошлиғи, бош муҳандис лавозимларида меҳнат қилди.
1989-1999 йилларда Бухоро вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида ер назорати инспекцияси бошлиғи, қўмита раисининг ўринбосари, биринчи ўринбосари вазифаларида ишлаган А.Ниёзов 2000 йилда Бухоро вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси этиб тайинланди.
Ушбу лавозимдаги 17 йиллик фаолияти мобайнида вилоятда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига бош-қош бўлди. Бухорода экотуризмни ривожлантиришда жонбозлик кўрсатди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати сифатида экологик хавфсизлик таъминлаш, атроф-муҳит ва фуқаролар саломатлиги муҳофазаси, табиий ресурслардан унумли фойдаланиш ва уларни асраш билан боғлиқ хайрли ташаббусларни илгари сурди.
Меҳнат фаолиятининг сўнгги йилларида у Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилоят партия ташкилоти раиси сифатида мамлакатимиз экотизими барқарорлигини таъминлаш йўналишида муҳим қонунчилик ташаббусларининг илгари сурилишида жонбозлик кўрсатди. Шунингдек, вилоятда санитария-эпидемиологик вазиятни яхшилаш, инсонларга яшаш муҳити омилларининг зарарли таъсирини камайтириш, унинг ҳаёт фаолияти учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш, юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлишининг ҳамда тарқалишининг олдини олишга ва уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларнинг ижроси, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш борасидаги ишларда фаол бўлди.
Бухоро вилояти ҳокимлиги, халқ депутатлари вилоят Кенгаши марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.
Меҳнаткаш, фидойи инсон Анвар Ниёзовнинг ёрқин хотираси вилоят ҳокимлиги жамоаси, депутатлик корпуси вакилларининг қалбида мангу яшайди.






