Янги Ўзбекистон университетида йиллик контракт 49 700 000 сўм, хорижликлар учун эса 10.000$ этиб белгиланди. Бу ҳақда Давлат тест маркази хабар бермоқда.
Маълумот учун, университетда таълим жараёни дунёнинг энг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда ташкил этилади. Масалан, Кембриж университети қабул имтиҳонларини ўтказади. Массачусетс технология институти ҳамда Мюнхен техника университети билан биргаликда ўқув режа ва дастурлар ишлаб чиқилади.
Университетда 5 та факультетлари бўлади:
- муҳандислик;
- табиий фанлар;
- бошқарув;
- агротехнологиялар;
- ахборот технологиялари
Дарслар ўзбек ва инглиз тилларида олиб борилади. Кредит-модул тизими жорий этилиб, ўқиш давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Илк ўқув йили шу йил сентябрдан бошланади. Янги бино қурилгунча дарслар Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бўш биноларида вақтинчалик ўтиб турилади.
Инглиз тилидаги сертификатдан ташқари абитуриент танлаган йўналишга мувофиқ математика ва кимё ёки физика-математикадан имтиҳон топшириши керак.