АсосийJinoyat

Навоийлик олий тоифали шифокор аёлнинг эгизак фарзандларидан бирини 2 соат давомида асоссиз туғдирмай олиб ўтиргани боис уни ўлдириб қўйди

'Навоийлик олий тоифали шифокор аёлнинг эгизак фарзандларидан бирини 2 соат давомида асоссиз туғдирмай олиб ўтиргани боис уни ўлдириб қўйди'ning rasmi

Навоий вилояти Нурота тумани Тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимида олий тоифали акушер-гинеколог врач бўлиб ишловчи фуқарога суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий Суд маълум қилди.

Хабарга кўра, бемор Д.Х. 2020 йил 1 ноябрь куни тонгги соат еттиларда туман Тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимига олиб келинади. Шифокор М.Д. навбатчи акушер-гинеколог сифатида аёлни кўрикдан ўтказиб, унинг эгиз ҳомиласи тирик эканлигини билгани ҳолда ўз касбига нисбатан бепарволик билан муносабатда бўлган. У ўз вақтида кесарча-кесиш амалиётини ўтказишни лозим топмади. Беморнинг келгуси даволаш режасини ва тактик ҳаракатларни белгилашда “туғруқни табиий туғруқ йўллари орқали туғдириб олиш” тактикасини нотўғри қўллаган.

Соат 08:45да аёлнинг биринчи қиз жинсли чақалоғи асоссиз равишда “вакуум-экстракция” амалиёти қўлланилган ҳолда табиий йўл билан туғдирилди. Иккинчи ўғил жинсли чақалоқнинг туғилишида  эса лоқайдлик, вазифага масъулиятсизлик туфайли янада оғир аҳволни юзага келтирди. Онанинг қорнидаги иккинчи бола қарийб икки соат давомида ўз вақтида кесарча-кесиш амалиётини ўтказилиши талаб этилса-да, нотўғри қўйилган ташхис туфайли ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Д.Х.нинг соғлиги ёмонлашганидан сўнг, соат 10:20да кесарча-кесиш амалиёти орқали ой-кунига етган, 39 ҳафталик соғлом, ички аъзоларида туғма нуқсонлари бўлмаган ўғил жинсли чақалоқ дунёга келди. Афсуски, бола оғир даражали асфикция ҳолатида туғдирилгани туфайли 2 ноябрь куни тонгда “бош мия юмшоқ пардалари остига қон қуйилиши, ҳомила ичи асфикцияси” натижасида вафот этди. Бир шифокорнинг совуққонлиги, эътиборсизлиги оқибатида бу ёруғ дунёга келган гўдак оламдан ўтди.

Шундан сўнг М.Д. содир қилган жиноий қилмишини яшириш мақсадида туғруқ бўлимида доя сифатида ишловчи шериги билан жиноий тил бириктириб, ҳомиладор Д.Х.нинг номига очилган, расмий ҳужжат ҳисобланган 2307-сонли туғруқ тарихига касб юзасидан ўзи амалга оширмаган, бироқ амалга ошириши шарт бўлган тибиий ҳаракат ва муолажаларни “қайд этиб қўйди”. У “шериги” ёрдамида бемор дафтарига гўёки Д.Х.нинг ўғил жинсли чақалоғини ўзи оператор сифатида кесарча-кесиш амалиётини ўтказганлигини, биринчи қиз жинсли чақалоқ гарчи соат 08:45га қадар туғилган бўлсада, ушбу туғруқ тарихи, партограмма ва чақалоқнинг ривожланиш баённомасига қизнинг туғилганлик вақтини соат 09:45 деб ёздирди. Шу тариқа қалбаки маълумот ва ёзувлар киритиб, расмий ҳужжат ҳисобланган туғруқ тарихини сохталаштиришди.

Суд мажлисида масъулиятсиз шифокор “тажрибам ва малакам етишмайди” дея важ кўрсатиб,  қонуний енгиллик беришни сўраб бот-бот таъкидлаган. Айбланувчига нисбатан 3 йил 6 ой озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

    Бошқа янгиликлар