АсосийDunyo

Тожикистон ва Ўзбекистон Панжикентни Самарқанд темир йўллари билан боғлаш имкониятини кўриб чиқмоқда

'Тожикистон ва Ўзбекистон Панжикентни Самарқанд темир йўллари билан боғлаш имкониятини кўриб чиқмоқда'ning rasmi

Тожикистон транспорт вазири Азиз Иброҳимнинг маълум қилишича, Тожикистоннинг Сўғд вилояти Пенжикент шаҳрини Самарқанд вилояти билан темир йўллар орқали боғлаш имконияти қўшма ўзбек-тожик ишчи гуруҳи томонидан кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Матбуот маркази "Asia-Plus"га таяниб маълум қилмоқда.  

 Вазирнинг таъкидлашича, мазкур масала икки мамлакат савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг Душанбеда ҳам, Тошкентда ҳам ўтказилган йиғилишларида муҳокама қилинган.  

 «Гап икки мамлакат тадбиркорлари ҳисобидан бунёд этилиши режалаштирилган темир йўл тармоғини қуриш ҳақида кетмоқда», — дейди вазир.  

 Унинг сўзларига кўра, асосий масала — қурилиши режалаштирилаётган тармоқни қанча масофага етказиш имконияти. Азиз Иброҳимнинг таъкидлашича, ётқизиладиган йўлдан ҳам юк ташишда, ҳам йўловчи темир йўл транспорти сифатида фойдаланиш режалаштирилган.  

 Вазирнинг қайд этишича, ушбу йўл орқали, масалан, туристлар 5500 йиллик тарихга эга Саразм шаҳрига ташриф буюриши мумкин.  

 Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, лойиҳа темир йўл участкасини Панжикент шаҳридан Самарқанднинг Булунғур темир йўл станциясигача етказишни ўз ичига олади.  

 Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 10 июнь куни Тожикистонга қилган ташрифи чоғида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистон ҳудуди орқали юклар транзити тўғрисида битим имзоланган эди.

 

    Бошқа янгиликлар