Коронавирус инфекцияси охирги вақтларда бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам кенг тарқала бошлагани хавотирга сабаб бўлмоқда. Бутун дунё тиббиёт соҳаси олимлари эмлаш касалланишнинг камайишига ва осон кечишига кафолат беришини эътироф этмоқда.
Шунга кўра, сўнгги вақтларда Ўзбекистонда ҳам эмлашни мажбурий қилиш билан боғлиқ турли фикрлар пайдо бўлмоқда. Хусусан, бу ҳақда "Миллий тикланиш" партияси раҳбари Алишер Қодиров ўз мулоҳазаларини билдирди.
"Меҳнат Кодексининг 212-моддасига мувофиқ иш берувчи ходимларнинг касаба уюшмаси билан келишган ҳолда меҳнат жамоасининг манфаатларидан келиб чиқиб ходимга мажбурият юклаши мумкин.
Ташкилот меҳнат жамосининг соғлом меҳнат фаолиятини таъминлаш мақсадида ходимларига коронавирусга қарши эмланишни мажбурий қилиб қўйса бўлади.
Қолаверса, ҳар биримизни бизга хизмат кўрсатаётган банк ходими, сотувчи, ҳайдовчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, тиббиёт ва таълим соҳаси ходимларини касаллик тарқатувчи эмаслигини кафолатланишини талаб қилишга ҳаққимиз бор.
Вакцина олишга мажбур эмассиз. Лекин, хавфсизликни таъминлаш асосий вазифаси бўлган, бизнинг ишончимиз билан ваколатли бўлган ҳукумат, эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида, эмланмаганларнинг эркини чеклаши керак.
Ҳар биримиз эркин, лекин жамият олдида мажбуриятлари бўлган фуқаро эканимизни унутмаслигимиз керак.
Бугунги кунга келиб инсоният ишонч билан суянаётгани - медицина биргина вируснинг давосини топиб беролмади. Бу ҳали муҳокама қилиниши ва тегишли баҳо берилиши керак бўлган жиддий масала, бу кейинги мавзу...
Ҳозирча вирусни иҳоталашнинг якка-ю ёлғиз йўли эмланиш экан, аввало ўзимиз ва яқинларимизнинг, қолаверса, атрофимиздагилар хавфсизлиги учун эмланишимиз шарт", - дея ёзиб қолдирган депутат.
Мавзуга доир:
Коронавирусга қарши эмлашни мажбурий қилиш керак — Нурмат Отабеков






