АсосийSiyosat

Президент сайлови қай тартибда ўтказилиши маълум қилинди

'Президент сайлови қай тартибда ўтказилиши маълум қилинди'ning rasmi

2021 йил 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда йирик сиёсий жараён Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига старт берилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси маълум қилмоқда.

Тадбирда сиёсий партиялар раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.  Унда Марказий сайлов комиссияси 2021 йилнинг 24 октябрь санасини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни, деб белгилаган. Сайлов кампанияси 23 июлдан бошланиши эълон қилинган.

Президент сайлови шу йил 8 февралда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган ўзгартишга мувофиқ, октябрь ойида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев Президент сайлови янгиланган миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтказилишини алоҳида қайд этган.

Хабарларга кўра, мажлисда сайлов қонунчилигида белгиланган нормаларнинг ижросини ўз муддатида ва самарали таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режаси тасдиқланди.

Унда   Марказий сайлов комиссияси томонидан тегишли давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда қадам-бақадам ва кун-бакун амалга ошириладиган вазифалар белгиланган.

 Округ ҳамда участка сайлов комиссияларини тузиш, кузатувчиларнинг сайловдаги иштирокини таъминлаш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати, сиёсий партияларнинг, Президентликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакилларининг сайловдаги иштироки, сайлов кампаниясини молиялаштириш, сайловолди ташвиқоти, сайлов жараёнини ёритиш, овоз беришни ўтказиш билан боғлиқ ишлар ана шулар жумласидандир.

Бошқа янгиликлар