Хабар берганимиздек, бугун Япониянинг Токио шаҳрида беш йил орзиқиб кутганимиз – ХХХИИ ёзги Олимпия ўйинларига старт берилди. Мусобақанинг дастлабки кунида жами 11 нафар Ўзбек спортчилари баҳсларга кириши белгиланган эди. Ҳозирча уларнинг 10 нафари Олимпия ўйинларининг бугунги дастурида ўз иштирокини якунлашди. Бироқ, натижалар мақтагулик эмас. Туризм ва спорт вазирлои бу ҳақда хабар қилмоқда.
Маълум бўлишича, уларнинг орасида биринчи бўлиб ўқ отиш спортидаги Ўзбек вакиласи Мухтасар Тохирова баҳсларга киришган. Дунёнинг энг кучли 50 нафар мергани орасида кураш олиб борган Мухтасар мусобақада ёмон иштирок этмади, у жами 6 уринишда умумий 622.2 очко тўплади ва якунда 33-ўринни эгаллаган.
Шундан сўнг бир йўла икки нафар қиличбоз илк уринишдаёқ Токио билан хайрлашди. Шерзод Мамутов руминиялик Илиан Теодоциуга қарши кечган жангда 11:15 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, бироздан кейин унинг жамоадоши Малика Ҳакимова ҳам илк босқичда хитойлик рақибасига 10:15 ҳисобида ютқазиб қўйган.
Бу муваффақиятсизликларни боксчи қиз Шахноза Юнусова ҳам давом эттирди. У илк босқичда польшалик рақибасига 0:5 ҳисобида имкониятни бой берган.
Шахнозанинг ортидан бугун рингга кўтарилган боксчи Санжур Турсунов ҳам мусобақа билан хайрлашди. У -91 кг вазн тоифасида жазоирлик рақиби Абделхафид Бенчаблага қарши ржанг қилди ва 1:4 ҳисобида мағлуб бўлган.
Дзюдочи Шарофиддин Лутфиллаевга қуръада омад кулиб боқди, у япон рақиби билан фақат финалда тўқнаш келиши мумкин, бу эса ҳамюртимизнинг медаль олиш имкониятини оширади, деб хурсанд бўлган эдик. Аммо, Украина терма жамоаси аъзоси Артём Лесюк ҳам Шарофиддин учун «чақилмас ёнғоқ» вазифасини ўтади ва медаллар учун курашни давом эттирадиган бўлди.
Токио-2020 Олимпия ўйинларига Ўзбек спортчилари орасидан биринчи бўлиб теннисчи Денис Истомин йўлланма олганди.
У 1-сетни рақибига бой бериб қўйди – 4/6. 2-сетда ҳам узоқ вақтгача Дениснинг ўйини қовушмаётган эди. Ҳисоб ҳинд теннисчиси фойдасига 5-2га етгач, ўйин тақдири ҳал бўлди деган хаёлга боргандик ҳам. Лекин, Истомин ўйинда бурилиш ясади ва 2-сетни тай-брекда ўз фойдасига ҳал қилди. Ҳал қилувчи 3-сетда ҳамюртимиз 4-3 ҳисобида олдинда бораётган бир паллада хотиржамликка берилдими ёки омад юз ўгирдими, якунда яна 4/6 ҳисобида ютқазди ва у ҳам биринчилар қаторида ортга қайтадиган бўлди.
Велоспортчи Муроджон Холмуродов бугун шоссе йўналиши бўйича 234 км масофага ўтказилган пойгада ўз омадини синаб кўрди. У жами жами132 нафар спортчи орасида 64-натижани қайд этди. Ушбу йўналишда Эквадор вакили Ричард Карапаз олтин медални қўлга киритди.
Бугунги баҳсларда Ўзбекистон учун ягона ижобий баҳоланган ҳолат – академик эшкак эшиш баҳсларида Собиржон Сафаралиев ва Шахбоз Холмурзаев жуфтлиги 2000 метрга эшкак эшиш баҳсларида 6та терма жамоа орасида 4-натижани қайд этиб, кейинги босқичга йўл олганлигидир. Тўғри, медаллар учун имконият пасайди, аммо буткул йўқолгани йўқ.