Бугун, 26 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисини 2021 йил 30 июль куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати маълум қилди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган. “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ва бошқа Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция якунларидан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисидаги масала кўриб чилиши назарда тутилган.
Шунингдек, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича парламент назоратини кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Шунингдек, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламентини ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш, Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг 2020 йилдаги ва 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ва бошқа масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган.







